“ЭЛТУЗ” саҳифасида куни кеча чоп этилган “МАҲАЛЛИЙЧИ РЕКТОР КИМ?” сарлавҳали ёзилмани ўқиб, қуйидагиларни маълум қилишни лозим деб топдик.
Аноним хабарида келтирилишича, университетда профессор-ўқитувчиларнинг меҳнат шартномаси 1-июндан тугатилгани келтирилган бўлиб, бу умуман ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ҳисобланади. Ваҳоланки, университетнинг барча профессор-ўқитувчилари июнь ойида тўлиқ ишлаган ва 1 июлдан ўрнатилган тартибда меҳнат таътилига чиқишган.
Хабарнинг давомида келтирилган гўёки университетдаги маҳаллийчилик борасидаги гаплар ҳам мутлоқ мантиққа зид.
Пойтахтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан фуқаролар ташриф буюриб, истиқомат қилишади, фаолият кўрсатишади ва уларнинг ким қаердан эканлигига қарашнинг ўзи мантиқсизлик эмасми?!
Шундай бўлсада, бу борада келтирилган маълумотларга ҳам ойдинлик киритишга қарор қилдик. Бугунги кунда университетимизда 36 та кафедра мавжуд бўлиб, 7 нафар кафедра мудири Қашқадарё вилоятидан.
Б.Мирзаев 2022 йилдан Университет ректори лавозимида фаолият юритаётган бўлиб, мақолада гўёки ректор ишга олгани кўрсатилган кафедра мудирлари Р.Баратов 2017 йилда, Ф.Тураев 2020 йилда, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи З.Ҳайдаров 2019 йилда, Маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими бошлиғи Х.Ҳайитов 2019 йилда, Иқтидорли талабалар бўлими бошлиғи З.Холматов 2021 йилда университет (у пайтда институт)нинг тегишли буйруғига асосан лавозимларга тайинланган. Норқобилов Муҳиддин Жисмоний тарбия ва спорт кафедрасининг катта ўқитувчиси.
2021 йил ва 2024 йилга нисбатан қиёсий таҳлил қилинганда, университетда Қашқадарёлик раҳбарлар салмоғи ўзгаришсиз қолгани кузатилди.
Ушбу рўйхатда номлари келтирилган университет Ходимлар бўлими бошлиғи Р.Файзуллаев ҳамда Коррупцияга қарши курашиш, Комплаенс назорат тизимини бошқариш бўлими бошлиғи А.Гаппаровлар Қашқадарё вилоятидан эмас.
Ректор жаноблари саломга алик олмайди. Ўта пасткаш ва қасоскор. Шикоят қилсак,........
Университет ректори ҳар куни ишга эрталаб соат 7:30-7:45 ларда келади ва ҳар куни соат 14:00 да фуқароларни (университет талабаси, ходими ва раҳбарияти ҳамда ташқи мурожаатчилар)ни шахсан қабул қилади ва ҳар ойнинг охирги шанбадан якшанбага ўтар кечаси университет ТТЖ сида бўлади.
Охирги 3 йилда ишдан бўшанганлар барчаси ўз хоҳиши билан бошқа ташкилотга ишга ўтиши, хорижга кетиши ва вафоти туфайли амалга оширилган. Уларнинг ўртача h-index атиги 0.7 ни ташкил қилмоқда.
Сўнгги икки йилда университетда фаолият юритаётган педагог-ходимларнинг 52 нафари PhD ва 13 нафари DSc ҳимоя қилди, илмий салоҳият +18%га ошди ва бугунги кунда илмий салоҳият 70,6 фоизни ташкил қилмоқда.
Бундан ташқари, ходимлар, ҳатто оддий комендант, қоровул, фаррошларнинг ҳам кўпчилиги айнан қашқадарёликлардан иборат деб келтирилгани ҳам эътирозли масала. Зотан, барча ходимларни Университетнинг штат жадвалига асосан, вакант иш ўринлари my.mehnat.uz тизими орқали эълон қилиниб, тушган мурожаатлар асосида ишга қабул қилиш йўлга қўйилган.
Университетдан иш сўраб мурожаат қилган шахслар туғилган ёки яшаш жойидан қатъий назар, ҳужжатлари мос келган тақдирда ишга қабул қилинади.
Университет кенгаши котиби, Д.Юлчиев